Последнее обновление: 16.10.2017

Новости

ҚУРИЛИШ СОҲАСИДА ОЧИҚЛИК ТАЪМИНЛАНАДИ

ҚУРИЛИШ СОҲАСИДА ОЧИҚЛИК ТАЪМИНЛАНАДИ


Мамлакатимизда кейинги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тубдан яхшиланиб, янги уй-жойлар, йирик саноат ва замонавий инфратузилма объектлари қурилмоқда. Албатта, ҳар бир соҳа ривожининг асосини мазкур соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ташкил қилади. Бугунги кунда бошқа тармоқлар сингари қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ҳам қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, амалиётга кенг жорий этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги «Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4464-сонли қарорига мувофиқ Қурилиш вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда марказлаштирилган молиялаштириш манбалари, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар қурилиши жараёнида қўлланиладиган «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимини жорий этиш вазифаси юклатилган эди. Мазкур қарор қурилиш соҳасида коррупция ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичида жамоатчилик учун шаффофликни таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, қарорга асосан, шунингдек, 2020 йил 1 мартга қадар давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари ва маълумотларини жамоатчиликка онлайн режимда тақдим этиш имконини берувчи «Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» географик ахборот тизими (геопортал)ни ишлаб чиқиш ва тест режимида ишга тушириш белгиланган. Айни пайтда бу борадаги ишлар сўнгги босқичга келиб, тез орада  кенг оммага тақдим этилиши кутилмоқда.

Геопортал ахборот тизими ҳақида гап кетганда, аввало, амалий техник ечимларга асосланган қурилиш соҳасини бошқариш тизимининг амалиётга татбиқ этилиши натижасида тизимда коррупцияни камайтириш, асосий муносабатларни тартибга солишда янгича ёндашувни шакллантириш имкони яратилганини айтиб ўтиш керак. Хусусан, online режимда шаҳарсозлик ҳужжатлари билан танишиш орқали юртдошларимиз, қолаверса мамлакатимизда иш бошламоқчи бўлган хорижий инвесторлар ўзларини қизиқтирган ҳудуд бўйича ихтиёрий аҳоли пунктига ишлаб чиқилган бош режа, шунингдек, ҳудудда ўрнатилган шаҳарсозлик регламентлари билан танишиш, шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш тўғрисидаги маълумотга эга бўлиш, янги қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш объектлари бўйича амалга оширилиши белгиланган манзилли дастурларнинг ким томонидан, қаерда ва қачон бажарилиши каби саволларга жавоб топишлари, шаҳарсозлик фаолиятига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиш, зарурат бўлса уларни кўчириб олишлари мумкин эканлиги юртимизда инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилаётганидан далолат бермоқда. Масалан, тадбиркор шаҳарнинг келажакда кенгайиш режалари ва коммуникация, транспорт тармоқларининг ривожланиш схемалари билан танишган ҳолда ўз бизнеси учун қулай муҳитни танлаши мумкин бўлади.

Қурилиш соҳасида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар, айниқса, бош режаларни очиқ ҳолда аҳолига тақдим қилиниши келгусида уларни ҳаётга татбиқ қилишда жамоатчилик фаолиятини янада фаоллаштириш, аҳолининг фикр-мулоҳазаларини ўрганишга хизмат қилиб, пировард натижада республикамиз шаҳар ва қишлоқларида бунёд этилаётган қурилиш объектларининг эгаларига ўз вақтида, хавфсиз ва сифатли ҳолда топширилиши таъминланади.

Шу ўринда республикамизда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишларига бефарқ бўлмаган юртдошларимиздан шаҳарсозлик йўналиши бўйича қайси масалаларни ушбу геопортал ахборот тизимида кенг омма учун очиқ тарзда тақдим этилиши бўйича фикр-мулоҳазаларини «Ўзбекистон бунёдкори» газетаси таҳририяти (телефон: 71-244-21-71, эл. почта: uzbunyodkori@mail.ru) ва «ЎзГАШКЛИТИ» (телефон: 71-278-39-01, 90-124-69-10, эл. почта: info@uzgashkliti.uz) орқали билдиришлари мумкин эканлигини эслатиб ўтамиз.

Азиз юртдошлар, таклифларингизни кутиб қоламиз!  





Возврат к списку