Последнее обновление: 16.10.2017

Новости

Давлат шаҳарсозлик кадастри геопортали функциялари намойиш этилди



«ЎзГАШКЛИТИ» давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Азимжон Примов Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» геопорталининг тақдимотини ўтказди. Тақдимот Қурилиш вазирлигининг янги лойиҳаларга бағишланган тадбири доирасида ташкил этилди

Геопортал тест режимида онлайн тарзда 2020 йил 3 февралда иш бошлаган. Ундан фойдаланиш иккита йўналишда ташкил қилинган. «Геопорталга кириш» қисми мутахассислар, «Очиқ маълумотлар» тугмаси эса аҳоли ва тадбиркорларга мўлжалланган.
Тадбиркор геопорталга кириб, ўзини қизиқтирган ҳудудда қандай шаҳарсозлик фаолияти объектларини муайян шартларни бажарган ҳолда қуриш мумкинлиги ёки қайси фаолият турлари умуман рухсат берилмаслиги тўғрисида маълумот олади. Шаҳарнинг келажакда кенгайиш режалари ва коммуникация, транспорт тармоқларининг ривожланиш схемалари билан танишган ҳолда ўз бизнеси учун қулай муҳитни танлаш имконини беради.

Очиқ фойдаланишдаги фойдаланувчилар қуйидаги маълумотларни кўриши мумкин.

Шаҳар ва шаҳарчаларнинг бош режалари бўйича:

  • бош режалар ишлаб чиқилганлиги тўғрисида маълумотлар (ким томонидан қачон ишлаб чиқилган, қачон тасдиқланган ва ҳоказо);
  • бош режанинг асосий схемаси (лойиҳавий таклиф);
  • бош режанинг таянч схемаси (лойиҳадан олдинги ҳолат);
  • транспорт схемаси;
  • асосий техник иқтисодий кўрсаткичлар;
  • қизил чизиқлар;

  • функционал зоналар;
  • геологик раёнлаштириш схемалари.
  • Ҳудудларни архитектуравий режалаштиришни ташкиллаштириш лойиҳалари (APOT) бўйича:

    • ҳудудларни архитектуравий режалаштиришни ташкиллаштириш лойиҳалари (APOT) ишлаб чиқилганлиги тўғрисида маълумотлар (ким томонидан қачон ишлаб чиқилган, қачон тасдиқланган ва ҳоказо);
    • жойлашув схемаси;
    • таянч схемаси (ҳозирги ҳолат);
    • асосий схемаси (лойиҳавий таклиф);
    • асосий техник иқтисодий кўрсаткичлар;
    • функционал зоналар.

    • Фойдаланувчилар учун логин ва пароллари ёрдамида юқорида келтирилган маълумотлар билан бирга шаҳарсозлик ҳужжатларида ўрнатилган чекловлар (ҳимоя зоналари), муҳандислик коммуникация тизимлари ва уларни ривожлантириш режалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш ҳамда уларни юклаб олиш имконияти мавжуд. Шунингдек, аҳоли пунктларини топиш учун манзиллар реестрида ташкиллаштирилган қидирув тизимларидан фойдаланиш мумкин.

      Мавзуга доир: Водий вилоятларида аҳолига смарт-карта шаклидаги кадастр паспорти бериш йўлга қўйилди


      Геопорталда базис асос сифатида 6 та очиқ картографик ресурсга уланиш имконияти мавжуд бўлиб, фойдаланувчи ўзи хоҳлаган ресурс маълумотларидан фойдаланиши мумкин. Ортофотопланлардан ҳам эркин фойдаланиш имконияти мавжудлиги, айни вақтда мавжуд ортофотопланларни юклаш ишлари бажарилаётгани билдирилди.

      Ҳозирда порталда Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудидаги 80 дан ортиқ шаҳар ва шаҳарчаларнинг бош режаси, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудидаги жами 122 та ҳудудлар архитектуравий режалаштиришни ташкиллаштириш лойиҳалари (APOT) тўғрисида маълумотлар бор. 2020 йилнинг охиригача бутун республикани қамраб олиш ва геопортални тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

      Мавзуга доир: Тошкент бўйлаб қаерларга карантин тўсиқлари ўрнатилганини кўрсатувчи портал ишга тушди


      Геопортал фойдаланувчилари ўзларини қизиқтирган ҳудуднинг бош режасини ёки бош режанинг таркибий қисмларини қатламлар кўринишида картографик асос устига юклаши ва уларнинг шаффофлигини ўзгартирган ҳолда ўзаро солиштириш йўли билан мониторинг юритиши мумкин.

      Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» географик ахборот тизими (геопортал) қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарорига кўра ишга туширилиши белгиланган эди.


daryo.uz




Возврат к списку